1. “ANOR BANK” АЖ томонидан умумий қиймати 50 000 000 000 сўм бўлган номинал қиймати 100 000 сўмлик 500 000 дона корпоратив облигациялар чиқарилсин;
Корпоратив облигацияларнинг жойлаштириш ва муомала шартлари қуйидагича белгилансин:
Облигацияларнинг кўриниши, тури ва шакли: Эгасининг номи ёзилган фоизли корпоратив облигациялар.
Ушбу чиқарилишдаги облигациялар жойлаштирилишининг усули (очиқ ёки ёпиқ обуна): Ушбу чиқарилишдаги корпоратив облигациялар сони чекланмаган инвесторлар орасида очиқ обуна йўли билан жойлаштирилади.
Мазкур чиқарилишдаги облигациялар ушбу чиқарилиш давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 365 кун ичида жойлаштирилади.
Жойлаштиришни бошланиш санаси: мазкур облигациялар чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хабар ва эмиссия рисоласи оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган санадан кейинги ўн бешинчи кун. Агар облигацияларни жойлаштиришнинг бошланиш санаси дам олиш кунига тўғри келса, бу ҳолда облигацияларни жойлаштиришнинг бошланиш санаси кейинги биринчи иш кунига кўчирилади.
Жойлаштиришни тугаш санаси: ушбу чиқарилишнинг охирги облигацияси жойлаштирилган куни ҳисобланиб, ушбу сана облигациялар чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 365 кундан ошмаслиги лозим.
Жойлаштириш тартиби: Ушбу чиқарилишдаги облигациялар “Тошкент” РФБ қоидаларига асосан битимлар тузиш йўли билан жойлаштирилади.
Жамият томонидан чиқарилган облигацияларни жойлаштиришда андеррайтер сифатида “Leader Finance Capital” масъулияти чекланган жамияти жалб этилади.
Жойлаштириш баҳоси: Облигациялар жойлаштириш нархи жойлаштириш муддатининг 1-4 чи 90 кунлик оралиқ даврларнинг биринчи кунида номинал қийматига, яъни 100 000 сўмга тенг бўлади. Мазкур даврларнинг иккинчи кунидан бошлаб облигацияларнинг номинал қийматига облигациялар бўйича ҳисобланган фоизли даромад (ҲФД) қўшилган ҳолда сотилади.
Облигациянинг жойлаштириш нархи қуйидаги формула орқали ҳисобланади:
J = N + (N * C) / 365 * (M-1)
J – облигациянинг жойлаштириш нархи;
N – облигациянинг номинал қиймати;
C – облигациянинг фоиз ставкаси: йиллик 22% (йигирма икки фоиз);
M – оралиқ даврнинг жойлаштириш куни.
Изоҳ: Жойлаштириш нархи бир тийинга қадар аниқлик билан белгиланади. (Йириклаштириш математик яхлитлаш қоидалари асосида амалга оширилади. Бунда яхлитланадиган рақамдан кейинги биринчи сон 1 дан 4 гача тенг бўлса бутун тийиннинг аҳамияти ўзгармайди ҳамда агар яхлитланадиган рақамдан кейинги сон 5 дан 9 гача тенг бўлса у бирга кўпайган ҳолда ўзгаради).
Облигациялар учун тўлов шартлари ва тартиби: Облигациялар учун тўлов нақдсиз ҳисоб-китоблар орқали Ўзбекистон Республикасининг пул бирлигида (сўмда) биржа қоидаларига мувофиқ пул маблағлари билан амалга оширилади.
Ушбу облигациялар чиқарилиши амалга ошмаган деб топилган тақдирда эмитент томонидан облигациялар тўлови сифатида олинган воситаларни қайтариш тартиби: Облигациялар чиқарилиши амалга ошмаган деб топилган ва облигациялар чиқарилиши ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори эмитент томонидан олинган сана ҳолатига шакллантирилган облигация эгаларининг реестри асосида, ушбу қарор олинган кундан бошлаб 10 (ўн) иш куни ичида реестрда қайд этилган шахсларга облигацияларнинг номинал қиймати ва уларга ҳисобланган фоизли даромадлари қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаб берилади.
Облигациялар чиқарилиши амалга ошмаган деб топилган ва облигациялар чиқарилиши ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори эмитент томонидан олинган санадан бошлаб, фоизли даромадлар ҳисобланиши тўхтатилади.
Облигациялар муомаласининг тартиби ва муддатлари: Мазкур чиқарилишдаги облигацияларнинг муомала муддати ушбу чиқарилишдаги облигацияларни жойлаштириш бошланган кундан 1080 (Бир минг саксон) кун.
Муомала муддати фоизларни тўлаш мақсадида ҳар бири 90 кундан иборат бўлган
12 та оралиқ даврларга бўлинган.
Облигациялар муомаласи олди-сотди битимларини тузиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган, қимматли қоғозлар эгасининг ўзгаришига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар орқали амалга оширилади.
Облигациялар биржа ва биржадан ташқари қимматли қоғозлар бозорида муомалада бўлиши мумкин. Облигацияларга бўлган ҳуқуқлар олувчига унинг депо ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви белгиланган тартибда киритилган пайтдан эътиборан ўтади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат кўрсатувчи инвестиция воситачиси томонидан бериладиган депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.
Облигация билан тасдиқланадиган ҳуқуқлар ушбу облигацияга бўлган ҳуқуқлар ўтган кундан эътиборан олувчига ўтади.
Облигацияларнинг иккиламчи бозордаги муомаласи уларни жойлаштириш тугаганидан сўнг йўл қўйилади.
Облигацияларни сўндириш шакли: Облигацияларнинг сўндирилиши пул маблағлари билан нақдсиз ҳисоб-китоблар орқали қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси сўмда амалга оширилади.
Облигацияларни сўндириш муддатини ўз ичига олган сўндириш тартиби ва шартлари: Облигацияларни сўндиришни бошланиш санаси, жойлаштиришни бошланиш санасидан бошлаб 1081-кун (Бир минг саксон бир) ҳисобланади. Облигацияларни сўндириш унинг номинал қийматида амалга оширилади.
Мазкур корпоратив облигациялар чиқарилиши тўғрисидаги қарорига асосан чиқарилган облигацияларнинг эгалари ўзларига тегишли облигацияларга тўлиқ сўндириш санасигача эгалик қилиш ҳуқуқига эга.
Эмитент, сўндириш санасига Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан шакллантирилган облигация эгаларининг реестри асосида пул маблағларини қонунчиликда белгиланган тартибда қайтаради. Мазкур реестр Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан сўндиришни бошланиш санасидан 5 (беш) иш куни давомида олинади.
Пул маблағларини қайтариш муддатлари облигациялар сўндириш кунидан бошлаб 10 (ўн) иш куни давомида амалга оширилади. Тўловларни амалга ошириш мақсадида ажратилган кунлар учун фоизлар тўланмайди.
Шунингдек, эмитент облигациялар эгаларининг реестрини Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун жавобгар бўлмайди.
Облигацияларнинг ҳар бири бўйича тўланадиган даромадни белгилаш тартиби: Облигация эгаси облигациянинг номинал қийматига нисбатан белгиланган мукофотни (фоизли даромадни) олиш ҳуқуқига эга.
Ушбу облигациялар бўйича фоизли даромад йиллик ҳисобида облигациянинг номинал қийматига нисбатан 22 (йигирма икки) фоизни ташкил қилади.
Ҳар бир облигация бўйича фоизли даромад муомала муддати давомида ҳар бир оралиқ давр учун ҳисобланади ва қонунчиликда белигланган тартибда тўланади. Бунда облигация бўйича фоизли даромадларни тўлаш ҳар бир оралиқ даврнинг охирги кунига Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан шакллантирилган облигация эгалари реестрига асосан амалга оширилади.
Фоизли даромад қуйидаги формула орқали ҳисобланади:
Dn = N * C * 90 / 365
Dn – облигация бўйича ҳисобланган фоизли даромад;
N – облигациянинг номинал қиймати;
C – облигациянинг фоиз ставкаси (йиллик ҳисобида);
90 – оралиқ даврдаги кунлар сони.
Изоҳ: Фоизли даромад миқдори бир тийинга қадар аниқлик билан белгиланади. (Йириклаштириш математик яхлитлаш қоидалари асосида амалга оширилади. Бунда яхлитланадиган рақамдан кейинги биринчи сон 1 дан 4 гача тенг бўлса бутун тийиннинг аҳамияти ўзгармайди ҳамда агар яхлитланадиган рақамдан кейинги сон 5 дан 9 гача тенг бўлса у бирга кўпайган ҳолда ўзгаради).
Облигациялар бўйича даромадларни тўлаш тартиби ва муддати, ҳар бир купон бўйича даромадни тўлаш тартиби ва муддатини ўз ичига олган ҳолда: Облигация бўйича фоизли даромад ҳар бир оралиқ давр учун тўланадиган фоизли даромаддан иборат.
Облигациялар бўйича даромадларни тўлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан ҳар бир оралиқ даврнинг охирги куни якунига кўра шакллантирилган облигациялар эгаларининг реестри олинади.
Облигациялар бўйича ҳисобланган фоизли даромадлар облигация эгалари реестри ёпилган кундан бошлаб қонунчиликда белгиланган тартибда 10 (ўн) иш куни ичида тўланади.