1.1. Банкнинг умумий суммаси 10 000 000 (ўн миллион) АҚШ доллари бўлган валюта облигацияларини чиқариш тасдиқлансин ва амалга оширилсин.
1.2. Банкнинг валюта облигацияларини жойлаштириш ва муомалага киритиш шартлари ва муддатлари қуйидаги тартибда белгилансин:
• Ушбу чиқарилиш облигацияларининг тури ва шакли: Фоизли номинал корпоратив облигация.
• Ушбу облигациялар чиқарилишининг шакли: Ҳужжатсиз.
• Ушбу чиқарилиш облигацияларининг номинал қиймати: Бир облигациянинг номинал қиймати 100 (юз) АҚШ долларини ташкил этади.
• Ушбу чиқарилиш облигацияларининг сони (дона): 100 000 (юз минг) дона.
• Жойлаштириш усули ва тартиби: Облигацияларни жойлаштириш чекланмаган сондаги инвесторлар орасида очиқ обуна орқали амалга оширилади. Жойлаштириш даврида облигацияларни олди-сотди битимлари савдо ташкилотчилари қоидаларига мувофиқ ташкиллаштирилган савдоларда амалга оширилади.
Жойлаштириш муддатлари: Облигацияларни жойлаштириш муддати жойлаштириш бошланган санадан бошлаб 120 (бир юз йигирма) иш кунини ташкил этади. Жойлаштиришнинг бошланиш санаси — ушбу облигациялар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги хабарнома Корпоратив ахборотнинг ягона порталида (www.new.openinfo.uz), шунингдек Банкнинг расмий веб-сайтида (www.poytaxtbank.uz) эълон қилинган санадан бошлаб 15 (ўн бешинчи) тақвим куни. Агар облигацияларни жойлаштириш бошланиш санаси дам олиш ёки байрам кунига тўғри келса, у ҳолда жойлаштиришнинг бошланиш санаси ундан кейинги биринчи иш кунига кўчирилади. Жойлаштиришнинг тугаш санаси — ушбу чиқарилишнинг сўнгги облигацияси жойлаштирилган сана, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам жойлаштириш бошланган санадан 120 (бир юз йигирма) иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Жойлаштириш нархи: Ҳар бир оралиқ фоиз даврининг биринчи кунида облигацияларни жойлаштириш нархи уларнинг номинал қийматига тенг бўлади. Ушбу даврларнинг ҳар бирининг иккинчи кунидан бошлаб облигациялар номинал қиймат устига тўпланган фоиз даромади (ТФД) қўшилган ҳолда жойлаштирилади.
ТФД қуйидаги формула бўйича аниқланади:
ТФД = N * C% * ((T+2-Ti)/365), бунда:
N – бир облигациянинг номинал қиймати: 100 (юз) АҚШ доллари;
C% – фоиз ставкаси: йиллик 8,5% (саккиз бутун ўндан беш фоиз);
Т+2 – жойлаштириш битими санасидан кейинги иккинчи иш куни;
Ti – битим амалга оширилган оралиқ давр бошланиш санаси.
Ушбу чиқарилиш облигацияларини тўлаш шартлари ва тартиби: Ушбу чиқарилиш облигацияларини сотиб олиш учун тўлов чет эл валютасида (АҚШ долларида) Агент банк орқали, «Регулятив қумдон» махсус ҳуқуқий режими доирасида чет эл валютасида ифодаланган облигацияларни чиқариш, жойлаштириш, муомалага киритиш ва сўндириш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР Адлия вазирлигида 2026 йил 29 апрелда №3826 билан рўйхатга олинган) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-254-сон Фармони билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Чиқарилишнинг таъминоти: Ушбу чиқарилиш учун таъминот назарда тутилмаган.
Муомала муддатлари: Облигациялар муомаласининг бошланиш санаси уларни жойлаштириш бошланган санадан кейинги иккинчи иш куни ҳисобланади. Облигациялар муомала бошланиш санасидан бошлаб 365 (уч юз олтмиш беш) кун давомида муомалада бўлади. 365 (уч юз олтмиш бешинчи) кун муомаланинг тугаш санаси ҳисобланади.
Ушбу чиқарилиш облигациялари бўйича даромад тўлаш тартиби ва муддати: Облигация эгаси облигациянинг номинал қийматига нисбатан фоизлар (фоиз даромади) олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир облигация бўйича фоиз даромади ҳар бир оралиқ давр учун ҳисобланади ва тўланади. Облигациялар муомала даври 12 та оралиқ даврга бўлинган: улардан еттитаси 30 (ўттиз) тақвим кунини, бештаси эса 31 (ўттиз бир) тақвим кунини ташкил этади. Биринчи оралиқ даврнинг бошланиш санаси облигациялар муомаласининг бошланиш санасига тўғри келади, кейинги оралиқ даврларнинг бошланиш саналари эса облигациялар муомаласи бошланган санадан 31-, 61-, 92-, 122-, 153-, 183-, 213-, 244-, 274-, 305- ва 335-кунларга тўғри келади. Облигация эгаларининг фоиз даромади Ўзбекистон Республикаси Марказий депозитарийси томонидан ҳар бир оралиқ даврнинг охирги куни, яъни облигациялар муомала муддатининг 30-, 60-, 91-, 121-, 152-, 182-, 212-, 243-, 273-, 304-, 334- ва 365-кунларида шакллантирилган реестр асосида тўланади.
Облигациялар бўйича ҳар бир оралиқ давр учун фоиз даромади облигациянинг номинал қийматидан йиллик 8,5% (саккиз бутун ўндан беш фоиз) миқдорида, ҳар бир оралиқ даврга нисбатан пропорционал равишда ҳисобланиб тўланади.
Бир облигация бўйича фоиз даромади миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
Dn = N * C% * dn / 365, бунда:
Dn – бир облигацияга ҳисобланган фоиз даромади;
N – бир облигациянинг номинал қиймати: 100 (юз) АҚШ доллари;
C% – фоиз ставкаси: йиллик 8,5% (саккиз бутун ўндан беш фоиз);
dn – тегишли оралиқ даврдаги кунлар сони;
n – оралиқ даврнинг тартиб рақами (n = 1,2,3,4,5,6,7,8,9,10,11,12).
Ҳар бир оралиқ давр учун фоиз даромадларини тўлаш тегишли оралиқ давр тугаган санадан бошлаб 10 (ўн) иш кунидан кечиктирмасдан, чет эл валютасида (АҚШ долларида) амалга оширилади. Кўрсатилган муддатда Банк тегишли оралиқ давр тугагандан кейин 1 (бир) иш кунидан кечиктирмасдан, Марказий депозитарийга оралиқ даврнинг охирги куни ҳолатига валюта облигациялари эгаларининг реестрини шакллантириш тўғрисида топшириқ тақдим этади. Марказий депозитарий валюта облигациялари эгаларининг реестрини электрон ҳужжат шаклида шакллантиради ва уни топшириқ олинган санадан бошлаб 5 (беш) иш кунидан кечиктирмасдан Банкка тақдим этади. Реестрни олгандан сўнг Банк тегишли солиқларни ҳисоблаб чиқаради ва тўлайди, шундан сўнг 2 (икки) иш кунидан кечиктирмасдан чет эл валютасидаги пул маблағларини Агент банкда очилган Марказий депозитарийнинг тегишли валюта ҳисобварағига ўтказади. Марказий депозитарий тўлов топшириғи олинган ва пул маблағлари тушган санадан бошлаб 2 (икки) иш кунидан кечиктирмасдан фоиз даромадини тўлашни амалга оширади: жисмоний шахсларга – уларнинг Агент банкдаги шахсий валюта ҳисобварақларига, юридик шахсларга эса – уларнинг чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларига пул маблағларини ўтказиш йўли билан.
Облигацияларни сўндириш шакли ва тартиби: Ушбу чиқарилиш облигациялари чет эл валютасида (АҚШ долларида) нақд пулсиз шаклда сўндирилади. Облигацияларни сўндиришнинг бошланиш санаси уларнинг муомаласи бошланган санадан 366 (уч юз олтмиш олтинчи) кун, яъни муомаланинг тугаш кунидан кейинги кун ҳисобланади. Агар облигациялар муомаласи дам олиш кунида тугаса, сўндириш муддатининг бошланиш санаси кейинги иш кунига кўчирилади. Облигацияларни сўндириш Эмитент томонидан Марказий депозитарий орқали, Агент банк воситасида, пул маблағларини (номинал қиймати ва сўнгги оралиқ давр учун фоиз даромадини) чет эл валютасида облигация эгаларининг ҳисобварақларига сўндириш бошланган санадан бошлаб 10 (ўн) иш кунидан кечиктирмасдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Сўндириш Эмитент билан Марказий депозитарий ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.