1. Банкнинг валюта облигацияларини умумий 10 000 000 (ўн миллион) АҚШ доллари миқдорида чиқариш. Банкнинг валюта облигацияларини жойлаштириш ва муомалада бўлиш шарт ва муддатларини қуйидаги тартибда белгилансин:
Мазкур чиқарилиш облигацияларининг тури ва кўриниши: Фоизли номли корпоратив облигация.
Мазкур облигациялар чиқарилишининг шакли: Ҳужжатсиз шаклда.
Мазкур чиқарилиш облигацияларининг номинал қиймати: Битта облигациянинг номинал қиймати 100 (бир юз) АҚШ долларини ташкил этади.
Мазкур чиқарилиш облигацияларининг сони (дона): 100 000 (бир юз минг) дона.
Жойлаштириш усули ва тартиби: Облигацияларни жойлаштириш чекланмаган миқдордаги инвесторлар ўртасида очиқ обуна йўли билан амалга оширилади. Жойлаштириш даврида облигацияларни сотиб олиш-сотиш битимлари савдо ташкилотчиларининг қоидаларига мувофиқ уюштирилган савдоларда амалга оширилади.
Жойлаштириш муддатлари: Облигацияларни жойлаштириш муддати облигациялар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 365 (уч юз олтмиш беш) календарь кундан иборат. Жойлаштиришнинг бошланиш санаси — мазкур облигациялар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хабарнома Корпоратив маʼлумотларнинг ягона порталида (www.openinfo.uz), шунингдек Банкнинг расмий веб-сайтида (www.universalbank.uz) эълон қилинган санадан бошлаб 15-(ўн бешинчи) куни. Агар облигацияларни жойлаштиришнинг бошланиш санаси дам олиш ёки байрам кунига тўғри келса, бундай ҳолатда жойлаштиришнинг бошланиш санаси кейинги биринчи иш кунига ўтказилади.
Жойлаштиришнинг тугаш санаси — мазкур чиқарилишнинг охирги облигацияси жойлаштирилган сана, лекин ҳар қандай ҳолатда жойлаштириш бошланган санадан эътиборан 365 (уч юз олтмиш беш) кундан кўп бўлмаган муддат.
Жойлаштириш нархи: Ҳар бир оралиқ фоиз даврининг биринчи кунида облигацияларни жойлаштириш нархи уларнинг номинал қийматига тенг бўлади. Мазкур даврларнинг ҳар бирининг иккинчи кунидан бошлаб облигациялар номинал қийматига ЖФД (жамғарилган фоизли даромад) қўшилган ҳолда жойлаштирилади. ТФД қуйидаги формула бўйича аниқланади: ТФД = Н * C% * ((Т+2-Ти)/365), бу ерда: Н – битта облигациянинг номинал қиймати: 100 (бир юз) АҚШ доллари; C% – фоиз ставкаси: йиллик 8,5% (саккиз бутун ўндан беш фоиз); Т+2 – жойлаштириш битими санасидан иккинчи иш куни; Ти – битим амалга оширилган оралиқ даврнинг бошланиш санаси.
Мазкур чиқарилиш облигациялари учун тўлов шартлари ва тартиби: Мазкур чиқарилишнинг сотиб олинадиган облигациялари учун тўлов чет эл валютасида (АҚШ долларида) Агент банк орқали, капитал бозори соҳасидаги «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида чет эл валютасида ифодаланган облигацияларни чиқариш, жойлаштириш, муомалада бўлиши ва сўндириш тартиби тўғрисидаги Низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2026-йил 29-апрелдаги 3826-сон билан рўйхатга олинган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2009-йил 30-августидаги 2000-сон билан рўйхатга олинган) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 18-декабрдаги ПФ-254-сон Фармони билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Чиқарилишнинг таʼминоти: Мазкур чиқарилиш учун таʼминот назарда тутилмаган.
Муомала муддатлари: Облигациялар муомаласининг бошланиш санаси уларни жойлаштириш бошланган санадан иккинчи иш куни ҳисобланади. Облигациялар муомала бошланган санадан эътиборан 730 (етти юз ўттиз) кун муомалада бўлади. 730 (етти юз ўттиз) кун муомаланинг тугаш санаси ҳисобланади.
Мазкур чиқарилиш облигациялари бўйича даромадни тўлаш тартиби ва муддати: Облигация эгаси облигациянинг номинал қийматига нисбатан мазкур бандда кўрсатилган фоизларни (фоиз даромадини) олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир Облигация бўйича фоиз даромади ҳар бир оралиқ фоиз даври учун ҳисобланади ва тўланади.
Облигацияларнинг муомала даври Биринчи оралиқ даврнинг бошланиш санаси облигациялар муомаласи бошланган санага тўғри келади. Кейинги оралиқ даврларнинг бошланиш санаси облигациялар муомаласи бошланган санадан бошлаб 90, 180, 270, 360, 450, 540, 630 ва 720-кунларга тўғри келади ва 730-кунида шакллантирилган реестр асосида тўланади.
Облигациялар бўйича фоиз даромади ҳар бир оралиқ давр учун облигациянинг номинал қийматидан йиллик 8,5% (саккиз бутун ўндан беш фоиз) миқдорида, ҳар бир оралиқ даврга пропорсионал равишда ҳисобланган ҳолда тўланади. Битта облигацияга тўғри келадиган фоиз даромадининг миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: Дн = Н * C% * дн / 365, бу ерда: Дн – битта облигацияга ҳисобланган фоиз даромади; Н – битта облигациянинг номинал қиймати: 100 (бир юз) АҚШ доллари; C% – фоиз ставкаси: йиллик 8,5% (саккиз бутун ўндан беш фоиз); дн – тегишли оралиқ даврдаги кунлар сони; н – оралиқ даврнинг тартиб рақами.
Ҳар бир оралиқ давр учун фоиз даромадларини тўлаш чет эл валютасида (АҚШ долларида) тегишли оралиқ давр тугаган санадан эътиборан 10 (ўн) иш кунидан кечиктирмасдан амалга оширилади. Кўрсатилган муддат ичида Банк тегишли оралиқ давр тугаганидан кейин 1 (бир) иш кунидан кечиктирмасдан Марказий депозитарийга оралиқ даврнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра валюта облигациялари эгаларининг реестрини шакллантириш тўғрисидаги топшириқномани тақдим этади. Марказий депозитарий валюта облигациялари эгаларининг реестрини электрон ҳужжат шаклида шакллантиради ва уни топшириқнома олинган санадан эътиборан 5 (беш) иш кунидан кечиктирмасдан Банкка тақдим этади. Реестрни олганидан сўнг Банк тегишли солиқларни ҳисоблаб чиқади ва тўлайди, шундан кейин 2 (икки) иш кунидан кечиктирмасдан чет эл валютасидаги пул маблағларини Агент банкда очилган Марказий депозитарийнинг тегишли валюта ҳисобварағига ўтказади. Марказий депозитарий тўлов топшириқномаси олинган ва пул маблағлари келиб тушган санадан эътиборан 2 (икки) иш кунидан кечиктирмасдан фоиз даромадини тўлайди: жисмоний шахсларга — Агент банкдаги шахсий валюта ҳисобварақларига, юридик шахсларга — чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларига маблағларни ўтказиш йўли билан.
Облигацияларни муддатидан олдин сўндириш имконияти ва шартлари: Облигацияларни муддатидан олдин сўндириш уларни жойлаштириш бошланган санадан эътиборан камида 548 (беш юз қирқ саккиз) кун ўтгандан сўнг амалга оширилиши мумкин.
Муддатидан олдин сўндириш облигацияларни Эмитент томонидан уларнинг номинал қиймати бўйича қайтариб сотиб олиш йўли билан амалга оширилади. Бир дона облигациянинг номинал қиймати 100 (бир юз) АҚШ долларини ташкил этади.
Облигациялар муддатидан олдин сўндирилган тақдирда, облигациялар эгасига сўндириш санасигача ҳисобланган фоизли даромад ҳам тўланади. Фоизли даромад облигацияларнинг номинал қийматига нисбатан йиллик 8,5 (саккиз бутун ўндан беш) фоиз ставка асосида ҳисобланади.
Облигацияларни муддатидан олдин сўндириш тўғрисидаги ахборот амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ҳамда белгиланган тартибда ошкор қилинади.
Облигацияларни сўндириш шакли ва тартиби: Мазкур чиқарилиш облигациялари чет эл валютасида (АҚШ долларида) нақд пулсиз шаклда сўндирилади. Облигацияларни облигациялар муомаласи бошланган кундан бошлаб 731 (етти юз ўттиз биринчи) кун, яъни уларнинг муомаласи тугаган кундан кейинги кун ҳисобланади. Агар облигацияларнинг муомаласи дам олиш кунида тугаса, сўндириш муддатининг бошланиш санаси кейинги иш кунига ўтказилади. Облигацияларни сўндириш Эмитент томонидан Марказий депозитарий орқали, Агент банк воситасида, пул маблағларини (номинал қиймати ва охирги оралиқ давр учун фоиз даромадини) чет эл валютасида облигация эгаларининг ҳисобварақларига сўндириш бошланган санадан эʼтиборан 10 (ўн) иш кунидан кечиктирмасдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Сўндириш Эмитент ва Марказий депозитарий ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилсин.